Токио-2020 Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари ўзгарди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Бу йилги Олимпиада ўйинларининг ўзига хос жиҳатларидан бири гендер тенгликни сақлаш мақсадида Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тавсия этилган бир аёл ва бир эркак номдор спортчилар ҳар бир давлат байроғини олиб чиқади», — дейди у.

Таъкидланишича, Ўзбекистон байроқдорини тайинлашда ҳар бир мусобақалар жадвали, шунингдек, барча спортчи ва делегация аъзоларининг фикри инобатга олинган. Шу тариқа Ўзбекистон байроқдори бўлиш боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага ишониб топширилган.

Аввалроқ, Миллий олимпия қўмитаси Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобо-Усмон Батуров бўлиши ҳақида хабар берган эди.

Оксана Чусовитина мазкур ўзгариш ҳақида фикр билдирди.

«Менга нега ўзгариш бўлганини изоҳлашмади, шунчаки мен бормаслигимни айтишди холос. Иштиёқимни сўндиришди. Бундай қилиш нотўғри. Шунчаки тушунтириш мумкин-ку, ҳаммамиз инсонмиз-ку, тушунамиз», — деди спортчи «Sputnik Ўзбекистон»га.

Аввалроқ, Чусовитина олимпиададан кейин фаолиятини якунлашини маълум қилган эди.

Маълумот учун, Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бугун Тошкент вақти билан 16:00 да (Токио вақти билан 20:20 да) бошланади.