Телефонлар:
(0372) 335-43-15
(0372) 335-46-03
» » Энг катта мақсадимиз – халқимиз ҳаётига қувонч олиб кириш​

Энг катта мақсадимиз – халқимиз ҳаётига қувонч олиб кириш​

29 февраль 2020 йил
122
0

Энг катта мақсадимиз – халқимиз ҳаётига қувонч олиб кириш​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Мирзо Улуғбек тумани Авайхон маҳалласида бунёд этилаётган кўп қаватли уй-жойларни кўздан кечирди.
Бу ерда жами 1 минг 120 та хонадондан иборат 17 та кўп қаватли уйлар қурилиши лойиҳалаштирилган. Бугунги кунда 5 та турар жой қад ростлаб, ички пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Президентимиз хонадонлардан бирини кириб кўрди, уйларнинг қурилиш технологияси ва энергия тежамкорлигига эътибор қаратди.
Ташқи деворлар базальт материали билан қоплангани об-ҳаво таъсирини камайтириб, хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлайди. Яна бир самарали томони – бу тўлиқ маҳаллийлаштирилган маҳсулот.
Давлатимиз раҳбари маҳаллий материалларни кўпроқ ишлатиб, уйларнинг нархини арзон қилиш, уларни турли соҳа вакиллари билан бирга кам таъминланганларга ҳам ажратиш бўйича кўрсатмалар берди. Кредит муддатини узайтириш, ижарага бериш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
– Шаҳарларда одамлар коммунал хизматлар сифатсизлигидан норози. Биноларни эксплуатация қиладиган барқарор ташкилотлар, малакали кадрлар етишмайди. Янги объектлар эски тармоқларга улаб қўйилади. Бутун квартал бирданига узоқдаги станциядан иситилади. Аслида, ақл билан иш қилинса, коммунал тўловларни 50 фоизгача арзонлаштириш мумкин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Янги мавзеда автоном иссиқлик станцияси қуриш, иморатларни эксплуатация қиладиган ва сифатли хизмат кўрсатадиган замонавий ширкат ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Ҳудудда яна бир нечта 9, 16 ва битта 25 қаватли турар жой барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳада замонавий қурилиш нормалари билан бирга миллий қадриятларимиз, турли маросимлар учун қулайликлар ҳам инобатга олинган. Барча уйларни 2020 йил сентябрда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, дам олиш ва спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, кўп қаватли автотураргоҳ барпо этилиши лойиҳалаштирилган.
Бугунги кунда Тошкентнинг саноат, транзит-логистика, инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент механика заводининг улкан ҳудуди ва биноларидан самарали фойдаланиш мақсадида ташкил этилган Технопарк ана шундай саноат ҳудудларидан. Давлатимиз раҳбари ўтган йили 28 июнда бу ерга келиб, лойиҳалар тақдимоти билан танишганди.
Технопаркда 2020-2021 йилларда умумий қиймати 393 миллион доллардан зиёд бўлган 15 та корхонани ишга тушириш мўлжалланган. Уларда кир ювиш машиналари, ошхона плиталари, совуткич ва музлаткичлар, саноат кондиционерлари, лифт ва эскалаторлар, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бу ерда зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари мавжуд. Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида логистика маркази ташкил этилади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражаси 35-40 фоиз бўлади. Шунингдек, йилига 186 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.
Президентимиз Технопарк ҳудудида ишга туширилган илк лойиҳа – электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси фаолияти билан танишди, маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
50 миллион доллар инвестиция ҳисобига ташкил этилган корхонада йилига 3 миллион дона электрон газ ҳисоблагич тайёрланади. Бу “ақлли” ҳисоблагичларга сим-карта ўрнатилган бўлиб, ишлатилган табиий газ ҳажми ҳақидаги маълумотни онлайн режимда марказий серверга узатади. Шу тариқа ҳисоблашда биллинг тизими жорий этилади ва инсон омили қисқаради.
Ушбу ҳисоблагичлар хавфсизлик жиҳатидан ҳам қулай. Уларга ўрнатилган меъёр ускунаси ортиқча газ босимини пасайтириб, истеъмолчига бир хилда етказиб беради. Бу орқали аҳоли хонадонлари ва иншоотларда ёнғин ёки газдан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинади.
Бугунги кунда мамлакатимизда 3,5 миллион дона электрон газ ҳисоблагичга эҳтиёж мавжуд. Корхона ушбу эҳтиёжни бир йилда қоплаб, келгуси йилдан 7,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш қувватига эга. Бунинг учун корхона ҳамкори – Италиянинг “Petro Fiorentini” компанияси билан тегишли шартнома тузилган.
Давлатимиз раҳбари корхона фақат сотиш билан чекланиб қолмай, ҳисоблагичларни ўрнатишдан тортиб хизмат кўрсатишгача масъул бўлиши, эксплуатацияга жавоб бериши кераклигини таъкидлади.
– Ҳар бир ишлаб чиқаришга киришишдан олдин стандартни ўйлаш керак. Малакали сервис учун ҳам, экспорт учун ҳам стандарт зарур. Афсуски, биз бу соҳада дунёдан анча ортда қолдик. Жойларда стандарт кафолатини таъминлайдиган кадрлар жуда кам. Шунинг учун мана шундай саноат корхоналарининг ўзида сервис бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш керак, – деди Президент.
Корхонанинг сервис маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди. Бу марказ корхона ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти билан узвий ишлайди. Жорий йилда “Ҳудудгазтаъминот” томонидан 3 миллион 480 минг дона ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Бу ишни ташкил этишда Технопарк сервис марказининг жойлардаги 15 та филиали кўмаклашади. Ҳозирги кунда ушбу филиалларда 150 мутахассис меҳнат қилмоқда. Битта ишчи бир кунда 30 та газ ҳисоблагич ускунаси тўғри ўрнатилганини текшириб, кафолат муддатини беради.
Сервис марказидаги ягона алоқа бўлимида мижозлар мурожаатларига жавоб қайтарилади. Битта оператор кунига 60 тагача қўнғироқни қабул қилади. Сервис марказида ишлаб чиқилган “Texnosoft” дастурий маҳсулоти орқали ўрнатилган газ ҳисоблагичлар сони, тўғри ўрнатилгани назорат қилиб борилади. “Texnosoft” ҳисоблагичларга кафолат муддатини бериш учун аризаларни мутахассисларга тақсимлайди, мижозларга хизмат кўрсатади.
Президентимиз корхона ишлаб чиқарган газ ҳисоблагичлар сифатига жавоб бериши, сервис маркази корхона – “Ҳудудгазтаъминот” – мижоз ўртасида боғлиқликни таъминлаши лозимлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Технопаркда амалга оширилаётган галдаги лойиҳалар, ишлаб чиқарилиши режалаштирилган саноат маҳсулотлари билан ҳам танишди.
Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги Мудофаа вазирлигига қарашли Маънавият ва маърифат марказини бориб кўрди.
Бу марказ биноси 1980 йилда қурилган. Ҳозирда унда Қуролли Кучлар ансамбли, Марказий ҳарбий оркестр, “Турон” давлат ҳарбий театри, бичиш-тикиш корхонаси ва болалар тўгараклари жойлашган. Лекин имкониятлардан тўла фойдаланилмаётган эди.
Президент марказ биносини реконструкция қилиб, ундан мақсадли фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик асосида кўнгилочар маскан ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. 
Бу ерда концертлар, байрам тадбирлари ўтказилади. Атроф ободонлаштирилиб, тадбиркорлар иштирокида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари шу ердаги Авиасозлар спорт мажмуасини ҳам кириб кўрди. Унинг ҳудудини ободонлаштириш, спортсеварларга қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизларни касбга қайта тайёрлаш учун зарур шароит яратилмоқда.
Яшнобод туманида 2019 йил сентябрь ойида фаолият бошлаган “Ишга марҳамат” моно-маркази ана шундай муассасалардан бири. Унда қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилган. Бунинг учун зарур станоклар, мебель, муляж ва бошқа амалиёт воситалари келтириб ўрнатилган. Марказ йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имкониятига эга.
Бу ерга келган одамга аввал бандлик масалалари бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилади. Доимий ишга эга бўлмаса, бўш иш ўринлари таклиф этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож мурожаатчилар доимий квотали иш билан таъминланиши ҳам мумкин.
Касбий малака талаб этиладиган ишни танлаганлар шу ердаги ўқув курсига жалб қилинади. Бошқа мамлакатда ишлаш истагини билдирган фуқароларга бу борадаги кўникма ва хорижий тиллар ўргатилади.
Марказда инглиз, япон, хитой, корейс ва рус тилларини ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар фаолият юритмоқда. Хориждаги бир қатор олий ўқув юртлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бу ерга ўтган 5 ойда 550 дан зиёд фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этган. 267 фуқаро ўқишни битириб, сертификат олган.
Президентимиз марказда яратилган шароитлар билан танишди, уста ва касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди. 
Бундай марказлар одамларнинг талаб бор касбларни тезда ўрганиб, ўз ишини топиши учун жуда муҳимлигини, бўш турган коллеж ва бошқа биноларни таъмирлаб, Тошкент шаҳрининг ҳар бир тумани ва барча вилоятларда шундай муассасалар ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.
Касб-ҳунар йўналишларини шу ихтисосликдаги ўқув юртларига бириктириб, юқори малакали ўқитувчиларни жалб этиш, шунингдек, кечки сабоқларни ҳам йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод тумани раҳбарлари, маҳалла раислари, тадбиркорлар, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари туманни обод ва осойишта, намунали ҳудудга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликка барҳам бериш, таълим сифатини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тинчликни таъминлаш борасида бир қатор ташаббусларини айтди, топшириқлар берди.
– Сизлар билан, халқ орасида юриб, ислоҳотларимизни амалга ошираётган одамлар билан суҳбат қилиб, мавжуд муаммо ва масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилгани келдим. Шунинг учун ёдланган гапларни гапирмасдан, кўпроқ савол бериб, таклифларингизни айтсангизлар хурсанд бўламан, – деди Шавкат Мирзиёев.
Тумандаги 58 маҳаллада 240 минг аҳоли истиқомат қилади. 8 мингдан зиёд фуқаро ишсиз, 10 минг одам ишлаш мақсадида бошқа давлатларга кетган. Демак, Яшнободнинг 18 мингдан зиёд аҳолисига муносиб иш керак.
Давлатимиз раҳбари туманда ишсизликнинг олдини олиш, камбағалликка барҳам бериш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.
– Бир инсоннинг оғирини енгил қилиш Худога ҳам ёқади. Камбағал кишининг ҳам фарзанди бор, ҳаётдан умиди бор. Шунча йил бу ҳақда гапирмадик, яшириб келдик. Энди бунга барҳам берайлик. Камбағалликни йўқотайлик, – деди Президентимиз. 
Бунинг учун, аввало, ёшларни бирон касб эгаси қилиб вояга етказиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, Яшнобод туманидаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” моно-маркази шаклидаги марказларни барча туманларда очиш ҳақида фикр билдирилди. Туман ҳокимлари ва бошқа дахлдор ташкилотлар раҳбарларига қисқа вақтда коллежларда маҳалла ёшларини кечки сменада касб-ҳунарга ўқитиш курсларини жорий этиш ҳақида топшириқ берилди. 
Давлатимиз раҳбари касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг иш унумдорлиги, оиласига, иқтисодиётимизга фойдаси ҳақида гапирди. Таъкидланганидек, саноатни ривожлантиришда ёшлар кучидан фойдаланиш керак. Бунинг учун улар замонавий дастгоҳларда ишлашни билиши талаб этилади. Шунда уларнинг ойлик маоши ҳам ошади.
Давлатимиз раҳбари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида муҳим ғояларни айтиб, яна бир муаммо аҳолининг соғлом овқатланиш меъёрларига амал қилмаслигида эканини таъкидлади. 
Нуронийларга, оилавий поликлиника шифокорларига маҳаллаларда кенг тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси топширилди. Кўпроқ пиёда юриш ва бу борада Яшнобод тумани тажрибасини жорий қилиш таклифи билдирилди.
Учрашувда маҳалла ва оила тизимидаги уйғун ислоҳотлар, жумладан, янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти ҳақида сўз борди. Жиноят содир этилишининг олдини олиш, ишсизликка, камбағалликка барҳам беришда маҳалланинг роли муҳимлиги таъкидланди.
– Президент сиёсатининг энг катта замини бу – маҳалла тизими. Шу боис маҳалла раиси ва профилактика инспекторларини мажлисларга чақирмаймиз, керак бўлса маҳаллага келиб мажлис қилинади, – деди давлатимиз раҳбари.
Оилавий низоларга, ажрашишларга қарши курашни кучайтириш кераклиги ҳақида гап борар экан, эндиликда эр-хотинни ажратишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг рухсати олиниши шартлиги айтилди. Бу борада тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқ берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев учрашувда Яшнобод тумани мисолида давлат бошқаруви тизимига ўзгартириш киритиш ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, камбағалликни камайтириш бўйича Сирдарё вилоятининг Боёвут ва пойтахтимизнинг Яшнобод тумани намуна бўлиши кераклигини айтди.
Бунда асосий эътибор кам таъминланган оилалар билан ишлаш, хотин-қизлар муаммоларига ечим топиш, бандликни таъминлаш, маҳаллалардаги соғлом муҳитни мустаҳкамлашга қаратилади.
– Ишлаган одамга жамият эътибор қаратадиган замон келди. Тинчлигимизнинг қадрига етиб, пок ва ҳалол бўлиб ҳаракат қилсак, албатта натижа бўлади. Эртанги кунимизга бефарқ бўлмайлик. Яшнобод ўз номига муносиб яшнаб туриши, қуйи тизимда ишни ташкил қилиш бўйича намуна бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Бугун Тошкент пойтахт мақомига муносиб ривожланмоқда. Ислоҳотлар халқимиз ҳаётида аксини топмоқда. Одамларимиз кайфияти ҳам шунга монанд – кўтаринки. Тараққиёт эса давом этади. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари, топшириқлари, ташаббуслари муҳим дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Матназар ЭЛМУРОДОВ, Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Улуғбек АСРОРОВ, ЎзА мухбирлари
скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар