Телефонлар:
(0372) 335-43-15
(0372) 335-46-03
» » Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

16 сентябрь 2021 йил
118
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, давлат назоратини такомиллаштириш ва “Солиқчи – кўмакчи” тизими орқали уларга нисбатан маъмурий ва солиқ юкини камайтириш, шунингдек, тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) қуйидагилар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб бекор қилинади:

қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

б) 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Молия вазирлиги 2021 йил 1 декабрга қадар ушбу банддан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилсин.

3. Адлия вазирлиги, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатасининг 2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функцияларини 1-иловага мувофиқ бекор қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига (кейинги ўринларда – мажбурий талаблар) мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланади, бунда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди;

ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш хавфининг олдини олиш учун кечиктириб бўлмайдиган назорат тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ текширувлар, шунингдек, сайёр солиқ текширувлари киритилади;

2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий қилинади. Бунда мазкур реестр давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасидаги соҳалар бўйича белгиланган тартибда тақдим этган мажбурий талаблар рўйхати асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади.

5. 2022 йил 1 январдан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;

Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этади;

Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади, бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

6. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи, шунингдек, қуйидаги имкониятларга эга “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишлаб чиқилиши ва ишга туширилишини таъминласин:

давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш;

текширувларни электрон рўйхатга олиш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини юритиш;

тадбиркорлик субъектларини тегишли мажбурий талаблар бўйича онлайн ўқитиш ва фаолияти мажбурий талабларга мослиги бўйича ўзини ўзи текшириш механизмларини жорий қилиш;

назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текширишларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини баҳолаш.

7. 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси (кейинги ўринларда – Индекс) жорий этилсин.

Белгилансинки:

а) Индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилади;

б) назорат қилувчи органлар ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 августга қадар, йил якунлари бўйича 1 февралга қадар амалга оширилган назорат тадбирлари таҳлилини Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга киритади;

в) Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳар ярим йил якунлари бўйича 1 сентябрга қадар, йил якунлари бўйича 1 мартга қадар Индекс натижалари тўғрисидаги ахборотни ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўп такрорланувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда улар содир этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида маълумотни “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига жойлаштиради ва жамоатчиликка эълон қилади.

8. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Д.Қосимов) ва назорат қилувчи органлар раҳбарларига “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига маълумотларни тўлиқ ва ўз вақтида киритиш ҳамда уларнинг ҳаққонийлиги учун шахсий жавобгарлик юклансин.

9. Молия вазирлиги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича 2021 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Тадбиркорликни юритишни енгиллаштириш ва бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

12. Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида давлат назорати функциялари мазкур кодекс билан тасдиқланишини назарда тутсин;

икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.С. Қосимов ҳамда назорат қилувчи органлар раҳбарлари белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2022 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 15 сентябрь

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар