Ҳужжатда коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган туризм соҳасини жадал қайта тиклаш мақсадида белгиланган санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этган ҳолда 1 июнидан «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда ички туризмни қайта йўлга қўйиш белгиланган.

Шунингдек, туризм соҳасига ёндош ташкилотлар — туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда бошқаларга — ўз фаолиятини бошлашга рухсат этилди.


Шу билан бирга, Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхати тузилиб, кириш туризмни босқичма-босқич қайта тиклаш фармонда кўзда тутилган.

Имтиёзлар ва преференциялар

Бош вазир ўринбосари ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдухакимов «Газета.uz»га коронавирус пандемиясининг салбий таъсири оқибатида энг кўп зарар кўрган туризм соҳасини «қайта жонлантириш» учун бозорнинг барча иштирокчиларига жуда кўп имтиёзлар тақдим этилаётганини таъкидлади.

Қайд этилишича, 1 июндан 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилади. Шунингдек, 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Фармонда 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари кўрган зарарларни Ўзбекистон Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда ўтказиш ҳуқуқи берилиши белгилаб ўтилган.

Жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга давлат солиқ хизмати органларини хабардор қилиш ва кейинчалик уларни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш асосида фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилади.

Бундан ташқари, туроператорлар ва жойлаштириш воситаларига Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан фоизсиз ссудалар ажратилади.

Фармонга кўра, 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда қуйидагиларга белгиланадиган мезонлар асосида 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар ажратилади:

  • туроператорларга 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига ҳар бир ётоқ ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида.

«Уч ой давомида туроператорлар, меҳмонхоналар ишламади. Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан фоизсиз ссудалар берамиз, шунда улар маълум харажатларни қоплайдилар ва ишчиларга маош тўлайдилар», — деди бош вазир ўринбосари.

Шунингдек, туризм соҳасидаги «стартап» лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни умумий 1,5 миллиард сўм миқдорида қисман субсидиялаш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади.

Ҳужжатда белгиланишича, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда республика ҳудудларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда грантлар ажратилади.

«Бу хизматларни диверсификация қилиш учун жуда муҳим», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Фармонга биноан, 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар, шунингдек, ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) озод этилади.

Давлат томонидан кўрсатиладиган қўшимча кўмак

Фармонда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишни бошлаш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм ажратилади.

«2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 миллион сўм, туроператорлар учун 10 миллион сўм миқдорида грантлар ажратиш орқали қўшимча кўмак кўрсатилади», — таъкилданади фармонда.

Фармонда туризм субъектларига давлат томонидан қўшимча кўмак кўрсатилиши белгиланиб ўтилган. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидияланади:

  • жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари;
  • жойлаштириш воситаларини қуриш учун туризм соҳаси субъектларига аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;
  • янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;
  • айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

Шу билан бирга, 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидияланади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистон резидентлари — туроператорлар ва турагентларга кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлардан ташқари мамлакатгага олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун 15 АҚШ доллари миқдорида,уларнинг Ўзбекистон ҳудудида камида беш сутка бўлиши шарти билан рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилиши кўзда тутилган.

Кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан 2020 йил 31 декабрга қадар камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидияланади.

Ҳужжатда шунингдек, 2021 йил 1 июнга қадар меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан қуйидаги миқдорда жамғарма ҳисобидан қопланади:

  • 3 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 5 миллион сўм;
  • 4 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 10 миллион сўм;
  • 5 юлдузли тоифадаги меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси учун 15 миллион сўм.

Таъкидланишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.

«Биз барчани давлат гранти асосида ўқишга қабул қиламиз. Ушбу соҳада кўпроқ одамларнинг ҳаётларини туризм билан боғлаб туриши жуда жозибали, чунки бу соҳанинг келажаги жуда катта», — деди Давлат туризм қўмитаси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган» лойиҳаси тақдим этилганди. Унга кўра,биринчи босқичда мамлакатнинг «яшил» ҳудудлари ўртасида ички туризмга рухсат бериш ва кейинчалик коронавирус инфекциясини жиловланган давлатлар билан туризм алоқалари тиклаш кўзда тутилган эди.