Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 335-43-15
(0372) 335-46-03
» » Ўзбек тили камбағал эмас

Ўзбек тили камбағал эмас

07 август 2020 йил
47
0

Ҳар қандай тил жамиятга алоқадор ва жамиятдан ташқарида ўзича, алоҳида ривожлана олмайди. Инсоннинг ўзлиги, ўзининг ким эканлиги нафақат одоб-ахлоқида балки она тилига муносабатида, сўзлаш маданиятида ҳам акс этади.

Шу ўринда ўзбек тилига турли чет сўзларни қўшиб сўзлаш, адабий тил меъёрларини бузиш замонавийлик белгисими деган савол туғилади.

Сиз ҳам бир кузатиб кўринг, нисбатан ёши улуғ кишилар нутқида ўзбек тилига русийзабон совсем, только, объязателно, конечьно, уже, почти, значит, как раз, неужели, документ, оформить қилмоқ, подпись қўймоқ, организовать қилмоқ, разрешение олмоқ каби сўз ва сўз бирикмаларини қўллаш, ёшларимизнинг ўзаро мулоқотларида турли ажнабий бай-бай, сава, ок, гудбай, босс, чао каби сўзлардан фойдаланишига амин бўласиз.

Назаримизда бу каби сўзларнинг тилшунослигимизда қўлланилиши ўзбек тилига бўлган ҳурматсизлик, ҳақоратдек туюлади. Уларни ўрни босувчи, ўзига хос маъно ва жаранг берувчи ўзбекча сўзларимизни етарлича топишимиз мумкин. Энг ачинарлиси уларни доим тилшунослигимизда қўллаб, баъзи сўзларимизни унутиб юборишимиз мумкин.

Алишер Навоий асарларини ўқирканмиз жуда кўплаб бизга номаълум бўлган сўзларни учратамиз. Асрлар силсиласида тилшунослигимиз ҳам кўплаб ўзгаришлар содир бўлганини кўриш мумкин.

Ўтган асрда атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг бир гапи ёдимизга келади. Яъни, “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал” деган фикрлари бугунги кунимиз учун ҳам долзарблигича қолмоқда.

Минг йиллик тарихимиз давомида сайқалланиб келган, гўзал ва бетакрор она тилимиз турганда жаргон ва варвар сўзлардан фойдаланиш асло замонавийлик ёки маданият белгиси эмас. Ўзбек адабий тил меъёрларини ва нутқнинг софлигини бузаётган варвар сўзларнинг луғавий маъносига эътибор қаратсак: “Варваризм-юнонча “барбарос” сўзидан олинган бўлиб, айнан “ажнабий” деган маънони англатади ва маълум бир тилга чет тиллардан кириб келган, тилда тўла ўзлашмай, ётлиги билиниб турадиган сўз ва иборалар”га нисбатан қўлланилади.   

Фикрларни ўқиб, ҳар бир тил бошқа тиллардан ўзлашган сўз ва иборалар ҳисобига бойиб боради, фан-техника, тараққиёт асрининг ривожланиши билан кириб келаётган сўзларни истеъмолдан чиқариб юборишнинг имкони йўқ деб эътироз билдиришга шошилмай туринг. Биз лексикамизга кириб келаётган илмий-техникавий атамаларни, иқтисодий терминларни нутқда қўлламаслик керак, деган фикрдан йироқмиз. Бу мавзу билан инсоннинг маънавий қиёфасини, ички дунёсини кўз-кўз этувчи сўзлашув маданиятига кўзгу тутишга уриндик, холос.

Фикримизни севимли адибимиз, чинакам сўз қўллай олиш маҳоратига эга ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди” деган сўзлари билан якунласак. Ҳар ким керакли хулосани ўзи чиқарсин.

Муқаддас СУЮНОВА,

Дўстлик тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар