Телефонлар:
(0372) 335-43-15
(0372) 335-46-03
» » Пахта далаларида иш қизғин

Пахта далаларида иш қизғин

23 сентябрь 2022 йил
49
0

Жиззах вилоятининг 7 та пахтакор туманида етиштирилган қимматбаҳо хом ашё – пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш авж паллада.

Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида 2 минг 300 та фермер хўжалиги ва 6 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан эрта баҳордан 77 минг 900 гектар майдонга барака уруғи қадалди. Давлатга пахта сотиш шартномавий режасига кўра, ушбу майдонлардан ўртача 37 центнердан, жами 265 минг тонналик юксак хирмон яратиш йўлида барча агротехник тадбирларга тўла риоя қилинган ҳолда меҳнат қилиниб, мўл ҳосил етиштирилди.

Ҳосилнинг 161 минг 841 тоннасини ёки салкам, 70 фоизини 300 дан ортиқ терим машиналарида йиғиб-териб олиш режалаштирилган.

Шартномавий режага кўра кунлик пахта топширишда Дўстлик, Мирзачўл, Зафаробод, Шароф Рашидов ҳамда Зарбдор туманлари пахтакорлари бир кунда режага нисбатан 2,5-3 фоиздан ошириб, қабул масканларига етказиб бероқда.

Дўстлик – пахта етиштиришда юки энг катта туман. Туман миришкорлари жорий йил ҳосили учун 17 минг 900 гектар майдонга чигит экиб, уни оби-тобида парваришлади. Майдонларнинг ҳар гектаридан туман бўйича ўртача 42,1 центнердан, жами 66 минг 183 тонна пахта хом ашёсини етиштириш борасида фермер хўжаликлари ва “Сангзор текстил” масъулияти чекланган жамият агрокластери билан “фючерс” шартномаси тузилган.

– 25 йилдан буён механизаторлик қиламан, касбимдан барака топдим, тўйлар қилдим, – дейди “Kotton” пахта териш машинаси оператори Шавкат Ўлмасов. – Бу йил ҳосил мўл. Ҳар куни 10-12 тоннадан ошириб пахта теряпман. Ҳар тонна тераётган пахтамиз учун 100 минг сўмдан ҳақ тўлаб бериляпти. Биздан талаб қилинаётгани “оқ олтин”ни қисқа фурсатларда, ёғин-сочинга қолмай йиғиб-териб олиш.

Ишни ўзини билма, кўзини бил, дейди доно халқимиз. Туман деҳқонлари пахтаси териб олинган майдонлардаги пахта қатор ораларига кузги дон экиш ишларини ҳам бошлаган. Туман ғаллакорлари 2023 йил ҳосили учун 15 минг 700 гектар майдонга кузги дон экишни режалаштирган.

– Пахта хом ашёси териб олинган майдонларни ғалла экишга тайёрлаб, мавжуд 340 дона култиватор ва 104 дона экиш агрегати билан кунлик ўртача 750-800 гектар майдонга буғдой экилмоқда, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Муроджон Аллашов. – Экилган ғалла майдонларини зудлик билан суғориш бўйича график ишлаб чиқилган.

Кейинги манзил Зафаробод тумани бўлди. Зафарободлик пахтакорлар жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида 9 минг гектарга барака уруғи қадади, туман деҳқонлари ҳар гектар пахта майдондан 39 центнердан ҳосил кўтариб, ялпи хирмонни 32 минг 330 тоннага етказишга қарор қилган.

– Сурхондарё вилоятидан ҳашарга келган 110 киши бириктирилган 13-отряд бошлиғиман, – дейди Илёс Аслиев. – Ишчилар дала шийпонига жойлашган. У ерда барча шароитлар яратилган. Отряд бўйича бир кунда 10-12 тоннадан ошириб пахта териляпти. Илғор теримчилар 170-180, ҳатто 200-210 килограммдан пахта теряпти.

Пахта пулини ҳар 3 кунда, килосига 1 минг 750 сўмдан олиб келиб тарқатмоқда.

– Бу туманга  иккинчи йил келишим, ўтган йили ҳам шу ерда пахта терганмиз, – дейди сурхондарёлик Мақсуда Ҳасанхонова. – Ҳар куни 180-200 килограммдан ошириб пахта теряпман. Пулларимиз ўз вақтида тўланяпти. Концерт дастурлари намойиш этиляпти.

– Фермер хўжалигимизга қарашли 72 гектар экин майдонининг 36 гектарига ғалла ва 36 гектарига пахта экканмиз, – дейди “Шарқ” фермер хўжалиги раҳбари Аслиддин Пирназаров. – Давлатга пахта сотиш шартномавий режамиз ҳар гектар ердан 41 центнердан ҳосил олиб, ялпи хирмонни 131 тоннага етказишни режалаштирганмиз.

– 50 та терим отрядида 7 минг нафарга яқин ҳашарчи йиғим-теримда иштирок этяпти, – дейди Зафаробод туман фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Ҳамробой Исматов. – Терим отрядлари сонини 70 тага, ҳашарчилар сонини 12 минг нафарга етказмоқчимиз. Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё ҳамда Фарғона вилоятларидан ҳам қўшимча ҳашарчилар келиши кутилмоқда, улар учун 32 та “Ҳашарчилар ётоқ уйлари” тайёрлаб қўйилган.

Жиззах вилояти пахта далаларида йиғим-терим жараёни қизғин давом этмоқда.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар